Боғдорчилик Республикамиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Республикамизнинг тупроқ-иқлим шароити мева экин навларининг бой мажмуасини катта майдонларда ўстириш, улардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш, шунингдек, қуёш нуридан фойдаланиб кенг миқёсда меваларни қуритиш ва арзон маҳсулот олиш имконини беради.
Маълумки, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари йилнинг муайян мавсумида етиштирилади, шу сабабли уларни узоқ вақт сақлаш ва қайта ишлашни ташкил қилмаган ҳолда аҳолини йил бўйи турли маҳсулотлар билан таъминлаш масаласини ҳал қилиб бўлмайди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш миқдори ошиб борган сари, уларни сақлаш ва қайта ишлаш ҳам такомиллаштирилиб, замонавий қайта ишлаш технологик жараёнлари амалга оширилмоқда.