Ўзбек мумтоз адабиётида бадиий ижоднинг асосий шакли шеърият бўлгани боис мумтоз адабиётшуносликда ҳам, мумтоз адабиёт билан боғлиқ кейинги тадқиқотларда ҳам асосан шеърият ҳақида баҳс юритилади. Хусусан, шеърий санъатлар ҳақида ҳам бир қанча рисолалар яратилган. Мавжуд рисолаларда шеърий санъатлар билан боғлиқ баъзи истилоҳлар, уларнинг таърифлари, таснифланиши каби масалаларда анчагина чалкашликлар, ҳар хилликлар учрайди.