Ишнинг долзарблиги. Марказий асаб тизимининг ривожланиши ва фаолияти учун гипоталамо-гипофизар комплекснинг нормал фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Гипоталамо-гипофизар комплекс марказий ҳосила бўлиб, организмнинг вегетатив фаолиятини бошқаради. Айнан шу ерда асаб ва эндокрин тизимлар орасидаги боғланиш содир бўлади ҳамда бошқарувчи нерв импульслари юқори махсус химик сигналларга айланади. Гормон ишлаб чиқарувчи гипоталамус нейронларининг танасида аксонлар мавжуд бўлиб, уларда тиреолиберинлар синтезига таъсир кўрсатувчи тиреоид гомонларга рецепторлар мавжуд [Дедов И. И., 2005]. Қалқонсимон безнинг бош мияга бевосита ёки билвосита таъсири адекват ҳаракатларни таъминлайди, хотиранинг ва мия фаоллиги бошқа функцияларининг яхшиланишига кўмаклашади. Бу кўпгина эндокрин касалликларда юзага келувчи турли асабий-руҳий бузилишлар билан тасдиқланади [Broedel O. et al., 2003; Singh Y. N. et al., 2004].