Ушбу услубий кўрсатма олий ўқув юртининг «Умумий кимё» фанидан таълим олувчи барча бакалаврият талабалари учун мўлжалланган бўлиб, кўрсатманинг асосий мақсади талабаларни кимёдан оладиган назарий билимларини мустаҳкамлаш ва тажриба йўли билан синаб кўришдан иборат. Лаборатория машғулотларини маьруза билан паралел равишда ўтказилиши машғулотларнинг унумли ва фойдали бўлишига ёрдам беради. Ўтилган материал юзасидан тажриба ўтказилиб, унда баён этилган фикрларнинг тўғрилигига амалда ишонганидан кейингина талаба маъруза материалини пухта эгаллайди. Шу сабабли ушбу услубий кўрсатмада ҳар бир лаборатория ишидан олдин лаборатория иши мавзусига оид назарий билимлар, тажрибанинг бажарилиш тартиби, реакция тенгламалари ва синов саволлари берилган.