Қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлиги ва унумдорлиги кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги соҳаси тараққиёти ва фаровонлигини белгилаб беради. Қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш ва бу ерларни муҳофаза қилиш масаласи жамиятнинг муҳим иж¬тимоий-иқтисодий, сиёсий ва экологик аҳамиятга молик бўлган вазифаларидан биридир. Амалий ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатмоқда-ки, бозор иқтисодиёти қонунлари асосида шаклланиб бораётган ер муносабатларининг янги тизимида қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерлар ижараси муҳим аҳамият касб этади. Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, ер ижараси шартномаси қишлоқ хўжалик мақсадларига мўлжалланган ерларни фуқаролик муомиласига тортишда томонларнинг иккаласи учун ҳам қулай ва фойдали бўлиш билан бирга, ердан оқилона фойдаланиш имкониятига эга бўлган кимсаларни ерга яқинлашувини таъминлайди ва қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланишни кенг ёйилишига ёрдам беради.