Бобуршунос олим, профессор Нематилла Отажоновнинг шаҳодат беришича, инглиз шарқшунос олимлари Р. Калдекот ҳамда Ф. Талботлар ҳам “Бобурнома”ни даставвал қисқартирилган ҳолда нашр қилганлар. Савол туғилади. Нима учун Р. Калдекот билан Ф. Талбот, Ж. Лейден ва В. Эрскинларнинг таржимасини тўлдириб, тузатиб қайта нашр қилиш ўрнига “Бобурнома”нинг мухтасар нусхасини яратишга қўл уришди? Таржималарни кўздан кечирилганда кўз ўнгимизда аксарият ҳарбий юришлар, жангу-жадал, ур-йиқит, таъқибу тазйиқ, қайта олишувлар ва улар билан боғлиқ манзаралар гавдаланади.