Ўзбек халқининг бой ва ранг-баранг фольклор меросига эгалиги унинг этник таркиди серқатламлиги ва тарихий тараққиёт йўлини асосан Марказий Осиёдаги икки дарё оралиғида кечганлиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Чунки, Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудуд қадим-қадимдан халқларнинг буюк кўчишлари ҳамда турли сиёсий, маданий, иқтисодий муносабатлардаги юксалиш ва тушишларда бир чорраҳа вазифасини ўтаган. Бу борада биргина Буюк ипак йўлининг ушбу ҳудудни деярли тўлик кесиб ўтганлигини эслашнинг ўзи кифоя. Ўз навбатида, қайси ердан савдо йўллари ўтса, ўша жойда иқтисодий-сиёсий ва маданий юксалиш жараёнлари кечганлиги табиийдир.