Шиддат билан ўтиб бораётган ҳаётимизга назар ташласак, биз энг кўп эҳтиёж юзасидан фойдаланаётганимиз ахборот эканлигига гувоҳ бўламиз. Бир кеча кундузда қанчадан қанча ахборотни қабул қиламиз ёки тарқатамиз. Ахборот жуда кенг маъноли тушунча саналади. Гарчи, у оддийгина “воқеа-ҳодиса ҳақидаги маълумот” маъносини англатсада, уни машҳур олимлар, журналистлар турлича ифодалайдилар. “Электр нури – ҳақиқий ахборотдир” – деб ёзган эди Маршалл Маклюэн. Норвег адиби Юхан Боргеннинг наздида эса “бадиий асар – ахборот дегани”дир. Мутахассис олим Файзулла Баҳромов томонидан тузилган луғатга мурожаат этсак, у ерда ахборот атамаси қуйидагича изоҳланган: ”Ахборот – инсоннинг сезги органлари орқали қабул қилинадиган барча маълумотлар мажмуи.”