Фалсафа фанининг предмети ва асосий мавзулари. фалсафий дунёқараш“Фалсафа” сўзининг луғавий маъноси “донишмандликни севиш” (“phileo” - севаман,
“sophia” - донишмандлик)дир. Бу сўзни биринчи бўлиб ўзини “философ” деб атаган қадимги
юнон мутафаккири Пифагор ишлатган.
Шарқ мутафаккири Абу Наср Фаробий “Фалсафанинг маъноси ва келиб чиқиши
ҳақида” асарида фалсафани “ҳикматни қадрлаш илми” деб таърифлаган.
Фалсафа донишмандликни севиш ҳақидаги таълимот экан, донишмандликнинг ўзи
нима деган савол қўйилиши табиийдир. Қадимги юнон файласуфи Диогендан “Донишманд
ким?” деб сўрашганда, “ҳақиқий донишманд Худодир, биз эса донишмандликни
севувчилармиз” деб жавоб берган.
Суқротнинг фикрича, “ўзликни англаш, ўзлигини барча нарсалардан юқори тутиш –
донишмандликдир”. Лев Толстой фикрича, “бошқаларга берган маслаҳатларига аввало ўзи
амал қиладиган, ҳеч қачон ҳақиқатга қарши бормайдиган, атрофидаги кишиларнинг
нуқсонларига сабр-тоқат билан чидайдиган кишилар донишманддир”. Демак, инсонни
тубанликдан юксакликка кўтарувчи барча сифатлар донишмандликдир.