Марказий осиёдаги фалсафий фикрлар, уларнинг жаҳон маданиятида тутган ўрни Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон энг қадимги замонлардан буён инсон яшаб
келаётган диёр бўлиб, қадимий ва буюк маданият обидалари, ёдгорликлари, анъаналарига
эга. Олимлар Ўзбекистон жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлганлигини
исботладилар. Зарафшон, Сирдарё ва Амударё бўйларида жойлашган сўғд, массагет, тоҳар
қабилалари милоддан аввалги учинчи мингйиллик бошларидаёқ ўтроқ ҳаётга ўтиб,
чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланганлар. Суғорма деҳқончилик маданияти, боғ-
роғлар барпо этиш, узумчилик ривожланган. Шу даврлардан бошлаб жез ва темирга ишлов
берилиб, меҳнат ва ҳарбий қуроллар ясалган, тўқимачилик, тикувчилик ва ҳунармандчилик
тараққий этган. Кейинчалик шаҳарлар пайдо бўлиб, тош деворли мустаҳкам қалъалар
қурилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1997 йили Хива шаҳрининг
2500 йиллиги нишонланаётган куни ўз маърузасида ўзбек давлатчилиги 2700 йиллик тарихга
эга эканлигини бутун дунёга расман эълон қилди: “Ўзбек давлатчилигининг тамал тошлари
бундан 2700 йил муқаддам айни Хоразм воҳасида қўйилган. Шу маънода, миллий
давлатчилигимиз тарихи Миср, Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон, Эрон каби энг қадимий
давлатлар тарихи билан бир қаторда туради. Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг асоси,
унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир”. Ушбу ҳақиқатни бугун бутун дунё тан
олди. Ўзбек давлатчилигининг энг қадимий тарихий даврларини ёритишда археологик
қазишмалар натижалари, маҳаллий ёзма адабиёт намуналари - “Авесто”, кўҳна эроний
битиклар, Юнонистон, Хитой, ҳиндистонлик муаллифлар ёзиб қолдирган мерос асосий
манба ҳисобланади.