Курс ишида энг қадимги тилшунослик таълимотларидан тортиб, XI асргача бўлган тилшунослик назариясига доир мухим маълумотлар бор. Курс ишида тилшунослик назарияси фани, жаҳон тилшунослиги тарихининг асосий босқичлари, етакчи йўналишлари, мактаблари, таълимотларидан келиб чиқадиган Анъанавий ва структур тилшуносликнинг хусусиятлари ҳақидаги илмий-назарий маълумотлар берилган.
Аслида “анъанавий тилшунослик” “ҳозирги тилшунослик” ёки “замонавий тилшунослик”ка зидланмайди. Бу ўринда “анъанавий тилшунослик” соф хронологик маънони, яъни “ҳозиргача бўлган тилшунослик” маъносинигина билдирмайди, балки гносеологик маънода билишнинг икки босқичига асосланувчи ва онтологик нуқтаи назардан тил табиати ва моҳиятига икки хил ёндашувчи фан сифатида баҳоланади ва системавий тилшунослик деб юритилувчи тилшуносликка қарама-қарши қўйилади. Улар тил онтологиясига ёндашув нуқтаи назаридан ҳам, уни текшириш методологияси ва методи нуқтаи назаридан ҳам бир-биридан фарқ қиладиган тилшуносликнинг тенг ҳуқуқли икки йўналиши саналади. Тилшуносликнинг бу икки йўналиши бир-бирини рад этмайди, балки бири иккинчисининг натижаларига асосланади. Шунинг учун ҳам ҳар икки тилшунослик ҳозирги кунда баб-баравар қадам ташламоқда.