Оталикни суд йўли билан белгилашга оид процессуал хусусиятларни назарий ва амалий жиҳатдан ўрганиш, умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш курс ишининг мақсадидир. Юқоридаги мақсадларга эришиш.Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир» деб кўрсатилиши оталикни белгилаш масалаларига янада масъулият билан қарашни талаб этади. Бу норма бевосита оналик билан бир қаторда оталик ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинишига имконият яратади. Давлат томонидан оналик, оталик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши ва уларнинг манфаатларини ҳар тарафлама ҳимоя қилиш - оила ҳуқуқининг муҳим принципларидан бири ҳисобланади.
Давлатимиз олдида турган вазифалардан бири соғлом оилани шакллантириш ва муҳофаза қилишдан иборат экан, бу борада нафақат никоҳда бўлган шахслардан туғилган болаларнинг, балки ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг ҳам ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бундай тоифадаги ишларни судда кўриб ҳал қилишда адолатли суд қарорлари чиқаришга эришиш давр талабидир.
“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 7-моддасида таъкидлаб ўтилганидек, “Бола туғилган заҳоти рўйхатга олинади ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ва фуқароликка эга бўлиш, шунингдек, иложи борича, ўз ота-онасини билиш ва уларнинг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлиш ҳуқуқларини олишга ҳақли ҳисобланади”. Оила қонунчилигида мавжуд бўлган оталикни белгилаш институти ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган болаларнинг насл-насабини белгилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мақсадни кўзлайди.