Фуқароликнинг ижтимоий асоси янги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар бўлиб, унда фуқароларнинг шахсий манфаати жамият манфаати билан қўшилиб, уйғунлашиб кетади.. Ижтимоий ҳаётда фуқаролик маданиятнинг шаклланиши учун зарур шарт-шароитларни вужудга келтириш: жамият ва шахс (фуқаро) манфаатларига тўла мос келади. Шу сабабли Республика мустақиллиги шароитида фуқаролик тарбиясини ташкил этиш мазмунини тубдан янгилаш зарурияти юзага келди. Фуқаролик тарбиясини кенг кўламли (комплекс) тарзда ташкил этиш – бугунги кун даъвати ва талаби бўлиб қолмоқда. Ушбу талабни ижобий равишда ҳал этиш оила - таълим муассасалари - жамоатчилик - давлат - жамият ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Фуқаро – фуқаролиги ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилган ҳамда муайян жамият (давлат) аъзоси бўлган шахс. Ўз фуқароларига эга бўлиш ҳар бир давлатнинг зарур ва муҳим белгиси саналади. Фуқароларнинг мавжудлиги сабабли давлат мавҳум тушунча бўлмай, муайян механизмга эга субъект сифатида майдонга чиқади. Ҳуқуқий ўрни қонун йўли билан кафолатланган шахснинг давлат ичкарисида ёки ташқарисида бўлишидан қатъий назар, маълум бир давлатга қарашлилиги ҳолати фуқаролик дейилади. Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда Республика Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган тегишли қоидалар, белгиланган ҳуқуқлардан фойдалана олади, қонунларда кўрсатилиб ўтилган бурчларни бажаради.