Ўзбек адабий тили ва унинг шева ҳамда диалектлари қариндошликни ифодаловчи терминларга бойлиги ва ранг-баранглиги билан бошқа туркий тиллардан ажралиб туради. Шуниси ҳам борки, уларнинг бир қисми умумтуркий, баъзилари маълум бир шева, диалектга хос бўлиб, адабий тилга ўзлашиб кетмаган. Тилдаги луғавий бирликларнинг келиб чиқишини, этимонини аниқлаш тилшунослик фани олдида турган долзарб вазифалардандир.
Бугунги кунда туб лексема деб қаралаётган бир қатор бирликлар ҳам борки, уларнинг илдизлари ўрганилганда, бу луғавий бирликлар ясама эканлиги маълум бўлади. Жумладан, “келин” лексемаси ясама бўлиб, “кел” феълига – ин ясовчи қўшимчаси қўшилишидан ҳосил бўлган. Ўрхун-Енисей ёдгорликлари тилини тадқиқ қилган В.Ҳ.Радлов ва П.Мелиоранскийлар “келин” лексемаси “кел” феълига -ин сўз ясовчи қўшимчасини қўшиш орқали ясалганлигини таъкидлайдилар. Шу билан бирга, Ўрхун-Енисей ёдномаларида, қирғиз, ўзбек, уйғур тилларида “келин” туркман тилида “гелин” – деб изоҳлайдилар. Ҳозирги ўзбек адабий тилида ҳам қатор лексемаларнинг ёрдамида ясалганини сезиш қийин эмас: эк+ин каби.
Яна айрим мисоллар келтиришда давом этамиз. “Тоға” лексемаси асли ясама бўлиб, тай + оға сўзларининг бирикувидан ҳосил бўлган. “Бобурнома” да бу термин қуйидаги шаклда учрайди: Мирзо дарвозасиға етган маҳалда Ширим тағойи жилавимни олиб, Намозгоҳ сори тебради.