Авестодаги диний-ахлоқий қарашларнинг баркамол авлодни тарбиялашдаги самарадорлиги ҳақида.Мамлакатимизда мустақиллик шарофати туфайли аждодларимизнинг қадим маданий меросини маънавий қадриятларини тадқиқ ва тарғиб қилишга кенг имконият туғилди. Шундай қадрият намуналаридан бири “Авесто” дир. У нафақат диний, балки ноёб тарихий, таълимий ва қомусий ёдгорлик ҳисобланади.Охирги йилларда буюк донишмандлик мажмуаси бўлмиш бу асарни ўрганишга қизиқиш айниқса кучайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов шундай деган эди: “ Авесто” билан яқиндан танишар эканмиз, яна бир карра шунга иқрор бўламизки, бу мангу китобда ифода этилган буюк қарашлар, фалсафий ҳикматлар ўзининг ҳаётий мазмуни билан бизни бугун ҳам ҳайратда қолдиради.
“Авесто” нинг туб маъно моҳиятини белгилаб берадиган эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал деган тамойилда ҳозирги замон учун ҳам беҳад ибратли бўлган сабоқлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман” .
Дарҳақиқат, “ Авесто” ҳикмат ва сабоқлар хазинасидир. Бу асар жаҳон цивилизация ва умумбашарий маънавият тараққиётига беқиёс катта таъсир кўрсатди, инсоннинг ҳар жиҳатдан баркамол ва озод бўлишини мадҳ этди. Милоддан аввалги II минг йиллик ўрталаридан I минг йиллик бошларигача ўлкамизда юзага келган “Авесто” кўп қиррали асар бўлиб, у илк давлатчилик муносабатлари, ижтимоий ахлоқий қарашларнинг ибтидоси ва такомили ҳақида қимматли маълумотлар беради.