Ғарбий Тиёншон тизмасидаги лола (Tulipa L. sect. Eriostemones Boiss/) туркуми айрим турларни биосистематик ва экологик - фитоценотик хусусиятларини ўрганиш. Ўрта Осиёда тарқалган лолалар асрлар оша жаҳон халқларини ўзига мафтун этиб келмоқда. Она табиат бағрини безаб турувчи лолалар поёнсиз жазирама Қорақум ва Қизилқум чўлларидан то буюк Помир-Олой ҳамда Тиёншон тоғларининг қорли чўққиларигача бўлган минтақалардаги турли иқлим шароитлари ва тупроқларида ўсади. Лола туркумининг иккита тури сохта қўшгул лола (Tulipa bifloriformis) ва туркистон лоласи (Tulipa turkestanica) камёб ва эндем тур сифатида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган (1998, 2006). Улар республикамизнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида тарқалган.
Туркистон лоласини биринчи бор 1875 йилда Э. Регел томонидан тур сифатида фанга киритилган. У асосан Помир-Олой тоғ тизмаларининг адир ва тоғ минтақаларида денгиз сатҳидан 2500 м баландликда ўсади (кейинги холатларда фақат баландлик метрларда кўрсатилади). Айрим олимларнинг фикрига кўра, турнинг экологик макони доирасига текисликлар ҳам кириб, турнинг ареали Каспий денгизигача давом этади (Талиев, 1935). Туркистон лоласининг ўзига яқин қариндош ҳисобланган Бузе лоласидан (T. buhseana Boiss.) асосан баргининг тузилиши билан фарқланади.