Тасаввуфга оид манбаларда ҳадисларнинг талқин қилиниши.Тасаввуф нима эканини биргина жумла билан ифодалаб бўлмайди. Тасаввуф инсон ва инсонийлик устида баҳс юритади. Исломнинг бош ғояси ва асосини тушунтириб беради. Кишига унинг ўз нафси борасидаги энг зарур маълумотларни, бошқа инсонлар билан муносабатларидаги энг муҳим ижтимоий одобни, банда билан Аллоҳ орасидаги боғланишда унга катта фойда ва зарар берадиган нарсаларни ўргатиш орқали Исломнинг моҳиятини англатади. Шунга асосан бир томондан фиқҳ илмига, бошқа жиҳатдан тиббиёт илмига ўхшайди. Зеро, илоҳий ҳукмларни қалбга баён этишда фиқҳ илмини эсга олади. Шу билан бирга, руҳий бурҳонларни баён этиб, лозим бўлган дорилар ва чора-тадбирларни тавсия қилиб, маъсият пардалари ила қопланган хаста нафсларни даволайди ва ҳақли равишда қалбий ёхуд нафсоний тиббиёт номини олади. Бу илм шунинг учун ҳам ТАСАВВУФ дея номланган. Зеро, бу калима тазкия (айбдан оқлаш, оқлаш) ва тасфия (софлаштириш, поклаш) маъносидадир . Ислом тарихига назар ташлайдиган бўлсак, фиқҳ, тафсир, калом ва бошқа зоҳирий илмлар каби тасаввуф илми ҳам ҳижрий II ва III асрларда пайдо бўлди. Албатта, бу илмнинг бошқа илмлардан фарқли жиҳатлари мавжуд.