Инсон организмидаги тўқима ва органларнинг фаолиятини таъминлашда бошқа омиллар билан бир қаторида кислород ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ташқи муҳитда ёки организмдаги кислород етишмовчилиги, яьни гипоксия жиддий хасталикларга ёки организмнинг тез ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Ташқи муҳит таъсиридан келиб чиқадиган ўткир кислород етишмовчилиги ҳолатлари суд тиббиёти амалиётида алоҳида ўрин тутади. Таькидлаш лозимки, ҳар қандай асфиктик ҳолат ҳам ўлим билан тугамайди.
Преасфиктик ҳолат – организмга асфиктик омилнинг таъсиридан бошланиб, асфиксиянинг асосий белгилари пайдо бўлгунгача даврни ўз ичига олади. Бу давр ўрта ҳисобда 1 минутгача давом этади ва унда организм компенсатор-мослашув механизмлари орқали кислород танқислиги таъсирини бартараф қилишга ҳаракат қилади. Айни шу сабабли ушбу даврда асфиксияга хос клиник белгилар одатда намоён бўлмайди.