Бугунги кунда ўқитиш ва ўрганиш жараёнида Интернет-технологияларига катта ўрин ажратилмоқда. Бундай технологиялар таълим жараёнига кўмаклашиб, ўқитиш дастурлари, ўқув қўлланмалари, электрон дарслик ва журналлардан фойдаланиш имкониятини яратмоқда, талабаларнинг тестларда, тадқиқот ва илмий ишлар танловларида, масофавий лойиҳаларда, илмий мактаб ишларида иштирокини таъминламоқда.
Талабалар ўртасида ўтказилган сўров жараёнида илмий-ижодий ишларни бажаришда Интернетдан фойдаланувчи талабалар Интернетнинг қуйидаги афзалликларини кўрсатиб ўтишди: турли-туман қизиқарли материалларнинг мавжудлиги (50%), фан тарихи ва унинг ривожи юзасидан материалнинг мавжудлиги (31%), тадқиқот натижаларини умумлаштириш кўникмаларини ривожлантириш имкониятларининг мавжудлиги (28%), илмий ишларга қизиқишнинг ортиб бориши (27%), янги тушунчаларни ўзлаштириш имконияти (21%), бошқалар билан фаол ўзаро мулоқотга кириша олиш имконияти (20%).