Ўзбек ономастикаси терминларининг лисоний таҳлилиЎзбек тилшунослигида ономастик тадқиқотлар кўламининг кенгая бориши бу
илмий соҳанинг ривожи, шаклланиши ва равнақ топишига олиб келди. Ўтган давр
давомида ўзбек исмлари ва топонимларини ўрганишга бағишланган докторлик ва
номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, ўнлаб монография, тўплам ва рисолалар,
кўпгина мақолалар эълон қилинди. Буларнинг барчаси ўзбек ономастикаси ҳозирда
тилшуносликнинг ривож топган ўзига хос илмий йўналиши эканидан далолат беради.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, киши атоқли отлари, топонимлари ва
этнонимиясига муносабат тубдан ўзгарди. Эндиликда бу номлар нафақат лисоний
материал, балки халқ тарихи, маданияти ва маънавиятининг нодир мероси сифатида ҳам
эъзозланадиган ва ўрганиладиган бўлди. Натижада ўзбек ономастикасининг тадқиқ
йўналишлари янада кенгайди ва нуфузи ошди.
Ўзбек номшунослигининг пайдо бўлиши ва замонавий илмий соҳа сифатида
шаклланиши бу соҳанинг ўзига хос илмий терминологиясининг яратилиши ҳамда унинг
ривожи ва такомилига сабаб бўлди. Ўзбек ономастикаси терминлари ўзбек тили
терминологик тизимининг таркибий қисми бўлиб, атоқли отлар тизимини тадқиқ қилиш
билан боғлиқ илмий тушунчаларни ифода қилади.