Бобур Фарғона водийсидан охирги марта кетганида баланд тоғлар Олой ва Туркистон тизма тоғларидан ошиб, Масчо қишлоғи атрофларида кўп вақт турган, сўнгра Ғарм ва Обигарм орқали Ҳисор водийсига тушган. «Шайбонийхон Тошканд ва Шохрухияни олғон маҳалда (мен) Сўх билан Хушёр кўҳпояларига келиб бир йилга ёвуқ танқислик била ўткариб, Кобул азимати қилдим»- деб ёзади Бобурнинг ўзи.
Бобурга Масчо тумани илгаридан маълум эди. Унинг онаси ва хотини ёз ойларида шу ерда дам олишган. Ҳозирда Қирғизистоннинг Лайлак районида Бобул қишлоғи ҳам борки, у аслида Бобур қишлоқдир. Ривоятга кўра, Бобурнинг аскарларидан бир тўдаси шу ерда қолиб бу қишлоқ қа асос солган.
Бобур Масчо ва Оббурдон қишлоқларига келганида катта тошларга ўйма хат ёздиргани ва ҳатто, ўз қўли билан ҳам хат ёзиб қолдиргани маълум. Бу ҳақда «Бобурнома»да бундай дейилган: «Оббурдон довони била Масчо Кўҳистонига оштук. Масчонинг қуйиғи кенти Оббурдондур. Бу Оббурдондин қуйироқ бир чашма тушубтур, бу чашма бошида мозор бордур. Ушбу чашмадан юқори Масчо доҳилидур. Қуйи Фалғарға тааллуқлудур. Ушбу чашма бошида чашма ёқасидағи тошида қазиб, бу уч байтни сабт эттим:
“Эшитдимки, қутлуқ табиатли Жамшид бир булоғ бошида тош устига шундай деб ёзган экан: бу булоғ тепасида бизлар сингари кўп кишилар келиб ўлтурдилар, кетдилар”.