Ўзбек халқи ўз аждодларининг буюк тари¬хий, маънавий, илмий мероси, меъморий ёдгорликлари, санъати, адабиёти билан бир қаторда кўп минг йиллик анъана ва одатларига эга бўлганлиги билан ҳам фахрланса арзийди. Ўзбек халқининг миллий қадриятлари узоқ тараққиёт жараёнида аждодларимизнинг ижтимоий-маънавий эҳтиёжлари асосида вужудга келди. Халқнинг урф-одатлари, анъаналари, байрам ва маросимларига қараб, унинг тараққиёт даражасини билиш қийин эмас. Жумладан, урф-одатлар элнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ахволи ҳақида ёрқин тасаввур бера олади. Чунки байрамлар ижтимоий ҳаётнинг энг яхши томонларини акс эттирадиган кўзгудир. Ҳар томонлама ривожланган халқнинг байрамлари ҳам файзли бўлади.