Тарих ўз навбатида инсон ва жамият, инсон ва табиат, инсон ва иқтисод, инсон ва сиёсат, давлат, ҳуқуқ, инсон ва маънавият ва аксинча, жамият ва инсон, табиат ва инсон, иқтисод ва инсон, сиёсат, давлат, ҳуқуқ ва инсон, маънавият ва инсон каби мажмуалардан иборат. Методология тарих тадқиқотларининг бош мақсадини белгилаб берувчи назарий асосдир. Буни тарих тадқиқотларининг стратегияси деб баҳолаш мумкин.
• Инсон ва инсониятсиз унинг тарихи ҳам йўқ. Зеро инсон онгли равишда ўз ўтмишини, тарихини идрок этишига, ижобий ва салбий оқибатларини тажриба сифатида талқин қилишга ҳамда улардан фойдаланишга қодир.
• Бутун борлиқнинг тарихи мавжуд. Коинотнинг саноқсиз миллиард йиллар тарихи ҳам фанга маълум эмас. Биологик ҳаётнинг тарихи ҳам ўта қадимийдир.Умуман борлиқ ичра жонли ва жонсиз ҳаёт ҳақидаги тарихий тасаввурлар инсоннинг илмий-назарий, ноилмий билимлари маҳсулидир. Демак, ҳар қандай тарихий билим ижтимоийдир, яъни инсон жамияти томонидан табиат ва жамият ўтмиши ҳақидаги англаб етилган ва англаб етилмаган ҳолда талқин қилинган билимлар мажмуидир.