Тарих фанини ўқитишда манбашунослик фани алоҳида аҳамият касб этади. Манбаларни излаб топиш, тавсиф этиш, мавзу учун керакли бўлган маълумотларни илмий муомалага киритиш тарихчиларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Тарихий даврни ёритишда манбалар алоҳида ўринга эга бўлиб, икки давлат ҳукмдорлари томонидан битилган ёзишмаларига эътиборни қаратмоқчимиз. Бу даврда битилган мактублар давр ташқи сиёсатини ўрганишга асос бўлиб хизмат қилади.
Аштархонийлар даври тарихини ёритувчи муҳим манба “Тарихи Муқимхоний” асари (муаллифи Муҳаммад Юсуф ибн Хожа Бақо бўлиб, у ўз даврининг етук кишларидан эди). Муаллиф аштархоний ҳукмдорлардан Субҳонқулихон ва Муҳаммад Муқимхоннинг саройида мунший бўлиб хизмат қилган. Фактик маълумотларга тўлиқ бу асарда аштархоний ҳукмдорларнинг Балхга нисбатан тутган сиёсати кўрсатиб берилган. Шунингдек, асарда аштархоний ҳукмдорларнинг турк султонлари, эрон шоҳлари, бобурийлар ҳукмдорлари билан олиб борган дипломатик муносабатлари ёритилган. Бундай маълумотлар шу даврни ёритувчи бошқа манбаларда учраса ҳам бироқ, “Тарихи Муқимхоний” асарида берилганлиги сингари тўлиқ ва мукаммал эмас.