Таъкидлаш лозимки, лексеманинг лексик-семантик ҳаракати системли ва асистемли муносабатларнинг мураккаб қоришмасини рўёбга чиқаради, лексик бирликлардаги тарихий-ижтимоий ўзгаришларни акс эттиради. Шу боис лисоний янгиликларни нафақат сўз ясаш усуллари, шунингдек маъновий хусусиятлари нуқтаи назардан ҳам ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Тилда узоқ вақтлар давомида инсонлар мулоқати учун хизмат қилиб келаётган лексемаларга янги маънолар юклатилиши билан боғлиқ лисоний ҳодисани ҳам диахрон, ҳам синхрон аспектларда тадқиқ этиш муҳим масалалар сирасига киради.