Мамлакатимизда ёшлар тарбияси бугунги куннинг энг долзарб масаласидир. XXI асрда яшаб, самарали меҳнат қилиш, Ўзбекистоннинг буюк келажагини бунёд этиш асосан бугунги ёш авлод зиммасига тушади. Уларни билимли, маданиятли, меҳнатсевар, ташаббускор, изланувчан этиб шакллантириш ҳаёт тажрибасига эга, турмушнинг аччиқ-чучугини кўрган, қийинчиликларда тобланган ёши улуғларимиз, фахрийларимизнинг, шу билан бирга, мазкур ишга даъват этилган тарбиячилар, муаллимлар, устозларнинг бош вазифасидир. Юртбошимиз таъкидлаганидек: «Ҳар бир инсоннинг, айниқса, эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган ёшларнинг онгига шундай фикрни сингдириш керакки, улар ўртага қўйилган мақсадларга эришиш ўзларига боғлиқ эканлигини, яъни бу нарса уларнинг собитқадам ғайрат-шижоатига, тўла-тўкис фидокорлигига ва чексиз меҳнатсеварлигига боғлиқ эканлигини англаб етишлари керак. Худди шу нарса давлатимиз ва халқимиз равнақ топишининг асосий шартидир». Бугунги давр мамлакат ва ёшлар олдида улкан вазифалар қўяётган экан, уни фақат ёшларга уқтириш ва талаб қилиш билан амалга ошириб бўлмайди. Бунинг учун дахлдор бўлган таълим-тарбия, жамоат ташкилотлари, маданият ва маънавий-маърифий муассасалар, мураббийлар, оила, меҳнат жамоалари уйғун ҳолда узлуксиз ва мунтазам иш олиб боришлари керак бўлади.