Мамлакатимиз иқтисодиётининг бозор муносабатларига ўтиши кадрларни бошқариш соҳасида туб ўзгаришлар қилинишини талаб этади. Маълумки, корхона ва ташкилотлар самарали ишлашини унда мавжуд бўлган ходимлар таъминлайди. Шу жиҳатдан ҳозирги вақтда малакали ва ишбилармон ходимларни шакллантиришга эришиш муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этади.Корхона ва ташкилот ходимларига бошқаришнинг ижтимоий усуллари орқали таъсир ўтказиш мумкин. Бу усуллар ходимларга ва ходимлар гуруҳига яхши самарадорлик билан ишлашларида ёрдам беради. Ижтимоий усуллар ходимларга ва ходимлар гуруҳига мўлжалланган бўлиб, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнида, хизмат кўрсатишда ўзаро ҳаракатида намоён бўлади. Бу инсонларга ташқи томондан таъсир этишдир. Ижтимоий усуллар ходимларни бошқаришда катта вазифани бажаради: ходимларни жамоада тутган ўрни, вазифаси, етакчи ходимларни аниқлашда ва уларни бошқаришда, жамоада учраб турадиган ҳар хил низоларни бартараф қилишда, самарадорлик билан бошқаришни таъминлашда, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг охирги натижаларини ходимларнинг асосий мақсадлари билан боғлашда ва уларни бошқаришда катта аҳамият касб этади.