Муаммонинг долзарблиги ва бажарилганлик даражаси. Академик лицейлар математика таълимида ўқувчиларнинг қизиқиш, қобилият ва мойилликларини эътиборга олишнинг муҳим омили ва шарти-бу таълим-тарбия жараёнини табақалаштириш(дифференциациялаш)дир. Жамият ўзини ўзи англаб етган ҳозирги даврда “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ғоялари асосида узлуксиз таълим тизимини янгилаш ишлари ривожланаётган шахснинг интеллектуал ва маънавий-маърифий эҳтиёжларини максимал даражада қаноатлантириш йўналишида амалга оширилмоқда. Бунда ўқувчиларнинг қизиқиш, қобилият ва мойилликларини оптимал даражада ривожлантириш, таълимни индивидуаллаштириш муаммолари олдинги ўринларга қўйилмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилишнинг “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” сифат босқичи жараёнидаги истиқболли йўллари узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишларидан бири бўлган таълимни демократиялаштириш, инсонпарварлаштириш ва табақалаштириш орқали очилади. Унда “ўқувчиларнинг имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг жадал интеллектуал ривожланиши учун чуқур, соҳалаштирилган, табақалаштирилган, касбга йўналтирилган таълим олишини таъминлайди”,-деб таъкидланган.