Чўл ва чала чўл шароитида чорвачилик, хусусан қоракўлчиликни самарали ташкил этиш унинг асосий озуқа базаси ҳисобланган табиий яйловлар ҳосилдорлигига боғлиқ. Табиий яйловлар ҳосилдорлигининг пастлиги (ўртача гектарига 1,5 - 3,0 ц), ҳосил миқдорининг йиллар ва фасллар бўйича кескин ўзгариб туриши, умумий майдонининг камайиб (суғориладиган деҳқончилик учун ўзлаштирилиши, янги аҳоли яшаш пунктларининг барпо этилиши, янги йўллар ва бошқалар) кетиши ҳамда ўсимлик қопламини антропоген таъсирлар (геология-қидирув ишлари, газ қувурлари, электр узатиш линиялари ва бошқалар) натижасида емирилиши чўл чорвачилигини муттасил ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.