Тадқиқот мавзусининг долзарблиги. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган барқарор бозор иқтисодиётига, очиқ ташқи сиёсатга эга бўлган демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадида жамият ҳаётининг барча соҳаларида босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Мустақил тараққиёт мобайнида демократик янгиланиш ва сиёсий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим ютуқларга эришилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаб ўтганидек, “Биз, энг аввало, ҳуқуқий асосни тайёрладик, жамиятимизнинг асосий ақидалари, унинг сиёсий иқтисодий ва маънавий йўналишлари белгилаб берилган конституциямиз ҳам ана шу асосга қурилган. Биз қонунчилик базасини барпо этиб, бутун давлат тузилмасини ўзгартирдик. У ҳозир бозор мақсадларига жавоб беради” .