Маълумки, ўқувчиларнинг физикадан олган билимларидан кундалик ҳаётда фойдалана олиши, уларда амалий кўникмаларнинг шаклланишига боғлиқ. Халқимизда «минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши» деган доно ҳикмат бор. Шунга кўра 2004-2009 йилларда мактаб таълимни ривожлантириш давлат умуммиллий дастури доирасида Республикамиз таълим муассасаларидаги физика лаборатория хоналарининг 71,5 фоизи тўла жиҳозланди. Давлат таълим стандартлари янги таҳрирдан ўтказилди ва ўқув дастурлари модернизация қилинди. . Физика амалиёт ҳақидаги фандир. Унинг барча хулосалари ва эришган ютуқлари кузатишлар, ўлчашлар туфайли вужудга келган. Шу сабабли умумий ўрта таълимда физикани ўқитиш, тажриба-намойишлар кўрсатиш, лаборатория машғулотларини ўтказиш билан чамбарчас боғлангандир. Физик тажрибалар- кузатиш, намойишлар кўрсатиш ва лаборатория ишларини бажаришга бўлинади. Мавзуни тушунишга ёрдам берадиган, ўқитувчи томонидан кўрсатиладиган тажрибаларни тажриба-намойишлар деб аталади. Заруратга кўра тажриба намойишларни янги мавзуни бошлашдан олдин, баъзан ўртасида, керак бўлса охирида ҳам кўрсатиш мумкин. Тажриба намойишлар одатда қисқа муддатли (5-10 минут) бўлади