Ҳозирги даврда дунё мамлакатлари ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ўзининг маъно-мазмуни жиҳатидан олдинги босқичлардан кескин фарқ қилади. Бунда энг асосий ва муҳим жиҳат – миллий иқтисодиётларнинг тобора интеграциялашуви ва глобаллашувининг кучайиб боришидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам ушбу жараённинг бевосита иштирокчиси ҳисобланиб, мамлакат учун бу жараён орқали жаҳон иқтисодиётида унинг ўрнини белгилаб берувчи ва миллий рақобатбардошликни максимал даражада амалга оширувчи иқтисодиёт секторларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодий ўсишнинг замонавий моделига ўтиш макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, рақобатбардош молиявий институтларни ривожлантириш ва узоқ муддатли молиявий ресурсларга эга бўлиш шартларини юмшатишни талаб қилади. Айни пайтда бу жараёнлар халқаро майдондаги рақобатнинг ҳам кескинлашувига, ҳар бир мамлакатнинг халқаро меҳнат тақсимотидаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун курашининг кучайишига ҳам таъсир кўрсатади.