Мавзунинг долзарблиги. Инсоннинг инфекцион патологияси таркибида ўткир юқумли ичак касалликлари (ЎЮИК) салмоқли ўринлардан бирини эгаллайди. ЖССТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 275 млн.гача ўткир диарея (ЎД) касалликлари қайд қилиниб, юқумли касалликлардан ўлимнинг 19,2% ҳолатлари ЎЮИКга тўғри келади (WHO, 2005).
Шигеллёзлар ҳамон кенг тарқалган ичак инфекцияларидан бири бўлиб қолмоқда. Дунё бўйича ҳар йили 170 миллион шигеллёзлар билан касалланиш ҳолатлари қайд қилиниб, улардан 1 миллиони беморларнинг ўлими билан тугайди. Осиё қитъаси мамлакатларида ушбу касаллик билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичлари мос равишда 91 миллионни ва 441000 ни ташкил қилади. Пировард натижада ўлим билан тугалланувчи ҳолатларнинг кўп қисми 10 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади (Navia M.M. ва бошқ., 1996; Kotloff K.L. ва бошқ., 1999). Ривожланган давлатларда касалланиш кўрсаткичлари анча паст бўлиб, бир неча шигеллёзлар билан касалланиш ҳолатларини, айрим эпидемик кўтарилишлар вақтида эса 100000 аҳолига нисбатан 10-13 тани ташкил этади (Replogle M.I. ва бошқ., 2000; WHO, 2004; Heier B.T. ва бошқ., 2009; Muller L. ва бошқ., 2009).
Республикамизда ЎЮИК билан касалланиш кўрсаткичи 100 минг аҳолига нисбатан 557,4 дан (1991 й.) 118,0 гача (2006 й.) камайган бўлсада, бироқ касалланиш даражаси ҳамон анчагина юқори бўлиб қолмоқда (Ахмедова М.Д. ва бошқ., 2000; Ниязматов Б.И. ва бошқ., 2004, 2009; Валиев А.Г. ва бошқ., 2004, 2006; Курбанов А.Б. ва бошқ., 2004, 2006; Якубов И.М., Мартиненко Н.В., 2006; Абдуллина Н.Н. ва бошқ., 2007; Мадреимов А., 2009).