Илдиз ўсиш конусининг тузилишини ўрганиш учун бир паллали ўсимлик илдизининг учки қисмини узунасига кесиб, микроскоп остида қараганимизда илдиз учи ғилоф билан қопланганлигини кўриш мумкин. Ғилоф ўсаётган илдизнинг нозик учини – илдизнинг ўсиш конусини шикастланишдан сақлаб туради. Илдиз ғилофи ҳужайралари йирик бўлиб, сирт томонидан доимо ажралиб, ички томондан бетўхтов ўсиб туради. Ўсиш нуқтаси ички ҳужайраларнинг кўндаланг бўлиниши натижасида ўсиш нуқтаси узаяди, узунасига бўлиниш натижасида эса йўғонлашади. Бўлиниш нуқтасидан бирмунча юқорироқ ўсиш зонаси бўлиб, унинг узунлиги бир неча ммга етади. Бу зона ҳужайралари тез ўсади ва чўзилади. Ўсиш зонасидан кейин сўриш зонаси бошланади, бунда илдиз тукчалари борлигини кўриш мумкин. Шу тукчалар орқали сув ва унда эриган минерал моддалар сўрилиб туради. Тукчалар узунлиги 1 ммга етади.