Адабиёт инсон учун хизмат қилиши керак. Қачонки, ижодкор инсоннинг ҳис-туйғуларини, орзу-истакларини, муаммоларини қиёмига етказиб акс эттирса, шундагина ижодкорнинг асарлари шуҳрат топади, халқ этиборига тушади.
Мумтоз адабиётимизда асосан севги-муҳаббат, вафо, инсонпарварлик ғоялари илгари сурилган асарлар яратилган. Инсонпарварлик ғоялари Шарқнинг кўпгина ижодкорлари асарларида тараннум эттирилган. Нима учун энг аққли жонзот бўлмиш инсонга бундай панд-насиҳат қилиб туриш керак? Нима, инсон ёмонлик ва яхшилик, ҳаром ва ҳалол, оқибат, ёрдам каби тушунчаларни билмайдими? Билади. Лекин шундай ҳолатлар бўладики, одам бу юксак фазилатларни эсдан чиқара бошлайди. Қачонки, замон кишилари қалби дағаллашиб, онги заҳарланиб борса, кўпроқ ўзини ўйласа, ўз эҳтиёжларидан ортиқча бўлган молу давлатга ҳам ҳирс қўйса, муҳтожларга ёрдам бериш, баҳам кўриш, хайр-эҳсон қилиш каби хислатлардан кўз юма бошлайди. Шунинг учун шоирлар инсонларни ҳамиша яхшиликка, ёрдамга, кечиримли, адолатли бўлишга даъват этиб турадилар.