Сув ресурслари етишмай қолаётган ҳозирги шароитда сувни тежаб сарфлаш сув манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувнинг ерга шимилиб исроф бўлишини олдини олишни талаб этади. Мавжуд суғориш усулларининг мукаммал эмаслигидан суғоришга берилаётган сувдан фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда. Далалар нотекис намланмоқда, суғориш меъёрлари кўтарилмоқда, ерларнинг шўрланиш, ботқоқланишига асос солинмоқда. Сувга тўловларни жорий қилиш учун сувни ўлчашни жойларда тўғри ташкил этилиши керак, бунда табиийки, сув ўлчагичлардан фойдаланиш заруриятини келтириб чиқаради. Ирригация тизими бошқармалари томонидан бирламчи сувдан фойдаланувчиларга яъни, СФУларга лимит ва тузилган шартнома асосида “Томсон водосливи”, “Чиполетти водосливи” ва “Иванов водосливи” ёрдамида сувнинг ҳисоб-китоби юритилмоқда. Бугунги кунда сув ўлчагичлар асосан магистрал каналларга қўйилган бўлиб, иккиламчи сувдан фойдаланувчиларга сув етказиб бериш жараёнларида сув ўлчагичлардан фойдаланилмаяпти. Сувдан унумли фойдаланишни, сув тақсимотида қатъий тартиб ўрнатишни, қўшимча манбалар қидириб топишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Сув хўжалиги қурилишини янада ривожлантириш ва сувдан фойдаланишни янги талаблар даражасига кўтариш фан-техника тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Бутун сув хўжалиги мажмуаси бошқаруви жараёнига янги технологик тизимларни жорий этиш орқали сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш имкониятиларини муттасил кенгайтириб бориш мумкин.