Маълумотларни тасвирлашнинг қулай усулларидан бири жадваллардир. Жадвалларда нафақат матн кўринишидаги маълумотларни, балки сонли катталикларни тасвирлаш жуда қулайдир. Сонли катталиклар бор жойда катта ҳажмдаги, одатда бир хил, лекин турли сонлар устида ҳисоблаш ишлари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, жадвалдаги маълумотларни тартиблаб чиқиш, улардан кераклиларини бирон-бир талаблар асосида саралаб олишга тўғри келади. Табиий-ки, бу ишларни компьютер зиммасига юклаш билан жадваллар билан ишлашни осонлаштириш мумкин. Компьютерда жадваллар электрон кўринишда сақланади. Электрон жадваллар жадвалларнинг электрон кўриниши бўлиб, жадвалларни сақлаш, уларни тасвирлаш ва қайта ишлаш учун хизмат қиладилар. Электрон жадваллар билан ишлайдиган дастурлар жадвал процессорлари деб аталади, улардан Windows операцион тизимида кенг тарқалгани Microsoft Office таркибига кирувчи MS Excel жадвал процессоридир.