Туркистон тизма тоғининг шимолидаги худудлар географик ўрни, табиати, иқлимига кўра одамларни яшаши учун қулай географик ерлардан бири бўлиб, қадимдан бу жойларда одамлар истиқомат қилиб келишган.
Археологлар маълумотларига кўра Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларининг бу худудида одамлар қадимги тош давридан бошлаб истиқомат қилишган. Бронза ва илк темир даврига оид мозор қўрғонлар Хўжанд, Ўратепа, Нов ва Зомин туманлари худудларида учрайди (Омонжулов Т., Назаров О. Сирдарё ҳавзаси қадимги шаҳарлари тарихидан. // “Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари: Тарих ва ҳозирги замон” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий анжуман материаллари. -Т.: 2007. 72-бет).
Дастлаб ушбу воҳа тарихда Сўғд давлати таркибига кирган (Грицина А. Археологические памятники Сырдарьинской области. -Т.: Фан, 1992. С. 3). Воҳа қадимда деҳқончилик билан шуғулланувчи сўғдлар ва бақтрияликлар ҳамда чорвадор сак-скиф қабилалари чегарасида жойлашган бўлиб, бу жойда маҳаллий аҳолининг ўзига хос деҳқончилик ва чорвачилик маданиятининг қоришиқ тури шаклланган.