Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ривожлантиришда хориж мамлакатларининг солиқ тизимини ўрганиш, айниқса ривожланган мамлакатларда солиқ тўловчилар устидан солиқ назоратини ташкил қилиш ва юритиш усулларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, хориж мамлакатларида солиқ назоратининг “жойларга чиқиб текшириш” усулига нисбатан дистанцион назорат қилиш усуллари яхши ривожланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов қайд этганидек, “Иқтисодий инқирозга қарши чоралар дастурида 2009 йилда хўжалик юритувчи субъектларни текширишлар сонини камида яна 30 фоизга камайтириш кўзда тутилган” . Бу вазифани амалга ошириш учун мавжуд текширишлар сонини камайтириш ва шу билан биргаликда солиқ тўловчилар фаолиятини назорат қилишда солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилаётган маълумотлар, ўтган йиллардаги маълумотлар, статистик маълумотлар асосида солиқ тўловчиларнинг солиқ ва мажбурий тўловлари устидан мониторинг олиб бориш талаб этилади.