Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишида пахтачиликнинг ўрни беқиёс. Давлат хазинасига пахта толасини сотишдан тушадиган валюта миқдорини янада оширишда жаҳон бозорида харидоргир, рақобатбардош пахта хом ашёси етиштириш муҳим аҳамиятга эга. Республикамиз мустақилликка эришгандан кейин Президентимиз томонидан ғўза селекцияси ва уруғчилигига алоҳида эътибор берилиб, мазкур соҳа мутахассислари олдига 110-120 кунда пишадиган-эртапишар, тола чиқими 38-40 фоизли ва узунлиги 33-34 миллиметрли бўлган ҳамда толаси тўртинчи типга мансуб дунё бозори талабларига жавоб берадиган навларни яратиш ва амалиётга тўлиқ жорий этиш вазифалари қўйилган.