Қишлоқ хўжалигида суғориладиган ер майдонининг йиллар сайин кенгайиб бориши ва аксинча сув ресурслари миқдорининг камайиб бориши кузатилмоқда. Янгидан суғориладиган ерларнинг маълум даражада ва бир томонлама ривожланиши муносабати билан бугунга келиб, Ўзбекистоннинг сув ресурслари суғориш учун етмай, тугашига яқин ҳолатга келиб қолмоқда. Шу сабабли сув тақчиллиги сезилаётган кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашда бир қатор қийинчиликлар вужудга кела бошлади. Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси мутахассисларининг ҳисоб-китобларида кўрсатилишича, Сирдарё ва Амударёнинг сув ресурслари суғориш учун тугаб бормоқда. Ҳозирги вақтда республикада сув танқислиги 14-20 кубо метрни ташкил этмоқда. Демак, сув ресурсларининг етишмаслиги Ўзбекистон ва минтақадаги қўшни давлатлар учун ҳақиқат ҳам биринчи даражали ижтимоий иқтисодий муаммо бўлиб қолмоқда. Мавжуд сув ресурслари миқдоридан кўпроқ сув олиш дарё сувлари оқишини тўла тартибга келтириш шароитида сув кам бўлган йилларда кўплаб сув етишмаслигига олиб келиши муқаррар. Ҳозирда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида суғориладиган ерларни кенгайтириш ишлаб турган тизимларни мажмуа қайта қуриш режаларга, энг муҳими сувни қаттиқ тежаш юзасидан кўриладиган тадбирларга тўла боғланган бўлиши шарт, илгаридан одат бўлиб қолган ҳар гектар майдонга белгиланган меъёрдан (айтиш лозимки, белгиланган меъёрнинг ўзи ҳам анча кўпайтириб белгиланган) 1,5-2,0 баробар кўп сув миқдори ишлатишга барҳам бериш керак.