Аҳолининг ижтимоий турмуш даражасини ошириш, биринчи навбатда, инсонларга нормал меҳнат шароитлари яратиш, уларни яшашлари, таълим олишлари, малака оширишлари, иш қобилиятларини тиклашлари учун зарур бўлган моддий ва молиявий шарт-шароитларни яратишни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов таъкидлаганидек: “Барча шароитларнинг иқтисодий, демократик, сиёсий ислоҳотларнинг асл мақсади - инсонга муносиб турмуш ва фаолият шароитларини вужудга келтиришдан иборат”.
Мамлакатимиз ҳудудларининг ўзига хос табиий иқлим шароитларига, иқтисодий салоҳиятга, демографик хусусиятларга эга эканлиги, улар ўртасида ижтимоий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича сезиларли тафовутларнинг мавжудлиги ҳудудларнинг ижтимоий ривожланиши ва аҳолисининг турмуш фаровонлигини баҳолашда ҳисобга олиниши лозим бўлган муҳим омиллар ҳисобланади.