Қишлоқ хўжалигида ўтказиб келинаётган ислоҳотлар натижасида деҳқон хўжаликларининг ташкил топиши ва уларни ривожлантиришга давлат аҳамиятига молик ишлар амалга оширилиб, бунга алоҳида эътибор қаратилди. Мана шулар натижасида деҳқон хўжаликларининг сони ва уларнинг экин майдонлари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Деҳқон хўжаликлари сонининг ўсиш салмоғи 2004 йилда 104,7 фоиз, 2005 йил 103,8 фоиз, 2006 йилда 101,9 фоизни ташкил этган. Уларнинг экин майдонларини ўсиш салмоғи эса 2004 йилда 104,23 фоиз, 2006 йилда 102,9 фоиз, 2008 йилда эса 101,9 фоизни ташкил этган (1-жадвал). Бу шундан далолат берадики, деҳқон хўжаликлари сонининг ўсиш суръати улар экин майдонининг ўсиш суръатидан анча юқоридир. Кейинги йилларда ҳар бир деҳқон хўжаликларига тўғри келадиган ўртача экин майдонининг қисқариб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Бу кўрсаткич 2004 йилда 0,10 га ни, 2006 ва 2007 йил эса 0,098 га ни ташкил этаётганлиги аён бўлади.