Ҳозирги “ахборот асри”да глобаллашув жараёнларининг жадал суръатлар билан кучайиши ва тезлашиши миллий чегараларнинг ювилиб кетишига, маънавият ва маданиятнинг умумийлашувига ҳамда жамиятга таҳдид соладиган турли ғояларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Одамларни жамиятдан, бир-бировидан, нотаниш кимса ҳамда номаълум нарсалардан қўрқув ҳисси чулғаб олмоқда. Бундай қўрқув ёхуд фобияларнинг кўпайиши кишилар қалбига ғулғула солиб, баъзи бир гуруҳлар томонидан ғаразли мақсадларда кишиларга таъсир ўтказишда, яъни манипуляция қилишда улардан фойдаланилмоқда. Бу ҳодисалар нафақат ривожланаётган, балки ривожланган Ғарб давлатларида ҳам кенг авж олмоқда. Шундай таҳдидлардан бири ксенофобия ва мафкуравий манипуляция бўлиб, улар одамлар онгига яширин ҳолда зимдан таъсир ўтказади. Шунинг учун, аввало, бу тушунчалар тўғрисида маълумотга эга бўлиш ва уларнинг таъсирини ўрганиш лозим.