Мавзунинг долзарблиги. Ўрта Осиё чўлларида турлари сонининг кўплиги ва хўжаликдаги аҳамияти ҳамда назарий масалаларни ҳал қилишда тутган ўрнига кўра Chenopodiaceae (Шўрадошлар) оиласи алоҳида ўринда туради. Лекин шунга қарамай, оиланинг Halimocnemis C.A. Mey. (Бузоқбош) каби туркумлари билан боғлиқ назарий ва амалий масалалар ҳал этилмаган. Жумладан, Halimocnemis туркумининг турлари морфологик жиҳатдан кескин фарқ қилишига қарамай, уларнинг янги тизими (системаси) ишлаб чиқилмаган. Полиморф турлар эса тур ичидаги таксонларга ажратилмаган, турларнинг ўсимликлар қопламидаги ўрни аниқланмаган, туркумнинг оилада тутган ўрни, турларнинг флористик областлар, географик районлар, округлар бўйича тарқалиши, чиқиб келиши ва турларга бой марказлари каби қатор долзарб масалалар ўз ечимини топмай келади.
Ўрта Осиё туркумнинг Ер юзида тарқалган барча 13 турини ўз ичига олувчи йирик марказ ҳисобланади. Ҳеч шубҳасиз, бу ҳудудни Halimocnemis туркумининг автахтон йўл билан шаклланган ватани дейиш мумкин.
Эътироф этиш керакки, Ўрта Осиёда тарқалган Halimocnemis туркуми турлари ҳақида кенгроқ маълумотлар берувчи махсус илмий асарлар яратилмаган.