Бугунги кунда иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки баъзи мамлакатлар қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий беқарорлик истеъмол бозорининг импортга боғлиқлигини кучайтириш билан бирга жаҳон озиқ-овқат бозорида кескин вазият вужудга келишини бугунги кундаги жаҳон иқтисодий инқирози кўрсатиб бермоқда. Шунингдек, аграр тармоқни барқарор ривожлантириш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш мумкин. Бу эса мамлакатимизда деҳқон ва фермер хўжаликларини янада самарали фаолият кўрсатишларига боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов айтганидек: “...ўтган давр мобайнида орттирган тажрибамиз фермерликни янада ривожлантириш учун бир қатор жуда муҳим муаммоларни, хусусан, фермер хўжаликларининг барқарорлиги, энг муҳими, уларнинг самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни қатъий талаб этмоқда”.