Ўтиш даврининг ҳозирги босқичида бутун иқтисодиётда бўлгани каби, аграр тармоқда ҳам ислоҳотлар янгича сифат мазмунига эга бўлиб, иқтисодий тараққиётнинг энг самарали шакллари сифатида бирлаштирмоқда. Бозор иқтисодиётига ўтиш юзасидан кўрилаётган тадбирлар тизимининг негизини мулкчилик муносабатларини қайта қуриш ташкил қилади, буни амалга оширмай туриб, республикамизнинг аграр соҳаларида амалий, иқтисодий суверенитетини, корхоналарнинг самарадорлигини охир оқибатда ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришни таъминлаб бўлмайди. Бу жараёнлар хўжалик муносабатларида, аҳолининг ижтимоий таркибида, унинг турли табақалари даромадлари ва мулкий ҳолатида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкинлигини эътибор олиб, иқтисодий номутаносибликка ва ижтимоий кескинликка йўл қўймаслик учун мулкчиликнинг хилма-хил шаклларига босқичма-босқич ўтиб борилади. Иқтисодиётда мулкчиликнинг турли-туманлигини шакллантиришнинг зарурлигини қайд қилган ҳолда республикамиз Президенти И.Каримов қуйидагича таъкидлайди: “...биринчи галдаги асосий вазифа - мулкдорлар синфини шакллантириш масаласини тубдан ҳал қилиш лозим. Бошқача айтадиган бўлсак, биз ўз олдимизга қўйган мақсадни - хусусий мулкчилик етакчи ўринда турадиган кўп укладли иқтисодиётни барпо этиш мақсадини амалга оширишимиз керак.” Бу мақсадни амалга оширишга бир қатор восита ва йўналишлар орқали эришиш мумкин бўлиб, улар орасида мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши кўп жиҳатдан қишлоқларимизни обод бўлиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалишига бевосита боғлиқ.