Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлашуви шароити барча соҳалар қаторида бухгалтерия ҳисоби соҳасида ҳам ислоҳотларни чуқурлаштиришни зарурият қилиб қўймоқда. Ҳисобнинг халқаро стандартлари ва бозор талабларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам бухгалтерия ҳисобини мукаммал-лаштириш, жумладан ахборотларни ўз вақтида фойдаланувчиларга етказиш, тижорат сирининг сақланишини таъминлаш бухгалтерия ҳисобини икки мустақил қисм: молиявий ҳисоб ва бошқарув ҳисобига бўлинишини зарурият қилиб қўйди. Бу ўз навбатида молиявий ҳисобни марказлаштириш ва уни ҳамма учун очиқ ҳисоб сифатида шаклланишига, бошқарув ҳисобини бошқарувни тезкор-таҳлилий ахборотлар билан таъминлаш, корхона харажатлари ва даромадларини назорат қилишига имконият яратди.