Ўрта Осиё цивилизацияси жаҳон тарихи тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, минтақа илк шаҳарлари Қадимги Шарқнинг маданий, иқтисодий ва сиёсий шаҳар марказлари билан узвий алоқада ўзига хос йўналишда тараққий этган. Жумладан, Ўзбекистон ҳудудларидаги илк шаҳарсозлик ва давлатчилик жараёнлари ҳам Қадимги Шарқ цивилизациясининг муҳим бўғинини ташкил этган. Ўрта Осиё ҳудудларида энг қадимги даврлардан бошлаб турли тарихий-маданий жараёнлар тараққий топган. Минтақа қулай географик жойлашувга эга бўлиб, Шарқ ва Ғарб мамлакатларини иқтисодий ва маданий алоқалар тизимида бир-бирига боғлаб турган.