Мустақилликнинг илк паллаларидаёқ таркиб топган тарихчи олимларимизнинг янги авлоди куч-ғайрати, илмий жасорати туфайли тарихимиздаги мавжуд «оқ доғлар» бартараф этила борди. Ўтмишда сохталаштирилган, зўрма-зўраки синфийлаштирилган, коммунистик мафкура тазйиқига олинган мавзулар янгича қараб чиқилди, янгича талқин этилди ва янги методология мавқеидан туриб холисона таҳлил этилди. Ўтмиш тарихимиздаги муҳим муаммолар, ҳатто алоҳида бир даврларни ёритиш, талқин этиш, баҳо беришдаги жиддий нуқсон ва сохталаштиришлардан хориж бўлмай туриб, чинакам тарих фанининг янги тарихий шароитларда ривож топиши, гуллаб-яшнаши мумкин эмас.